Паролингизни унутдингизми?
Login
Left, Right, Center Left, Center, Right Center, Left, Right



Сайт очиш осонми

Сайт очиш осонми

Йигирма биринчи аср инсониятга турли информацион технологияларни тақдим қилди. Ўзбеклар ҳам бу неъматдан четда ҳайрон қолаётгани йўқ. Бу янги нарса бўлгани учун интилишлар, изланишлар, қийинчиликлар ва камчиликлар ҳам пайдо бўлиши табиийдир. Бундан биз асло чўчимаслик, қўрқмаслигимиз керак. Бироқ...

Ҳар йили .UZ миллий доменининг Интернет фестивали ўтказилади. Менга шу фестивалда иштирок этиш ва бир неча марта ғолиб бўлиш ҳам насиб қилган. Сўнгги фестивалда эса ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилганман. Ўшанда кўп миллий доменимиздаги сайтларни кузатиб, ўрганиб чиққан эдим. Ўша фестивалнинг форумида бир мавзу ҳам очган эдим. Мавзуни қуйидаги шеър ва сўзлар билан бошлаган эди:

Соате бунда саёҳат айладим,
Не саёҳат, минг надомат айладим.
Кўзда ёшим бўлган эрди пардадор,
Йиғлади дил парда ичра зор-зор.

(Чустий шеъри)


http://if.uz/uz/ сайтидаги номинацияларни кузатиб, улар орасида саёҳат қилар эканман ўзга тилларда қилинган сайтларни кўриб қувондим, аммо ўзбек тилида қилинган сайтларнинг сифати пастлиги, сони камлиги ва кўлами торлиги кузатувчини хафа қилди... Бунга не дейсан, дўстим? Бунга қандай баҳона бор? Бунга қандай чидаш мумкин? Нега ўзбек тилида сайтлар кам? Ким уларни кўпайтириши керак? Бу йил ҳам аҳвол ўзгармади деярли...


...Икки-уч йил олдин катта бир сайтнинг форумида вебсайт қилишнинг сир-асрорларини ўргатувчи ўзбек тилида онлайн дарслар ташкил қилган эдим. Жуда кўпчиликка маъқул келиб, анча одамларда сайт ясаш бўйича бошланғич тушунчалар шаклланган эди. Бу бир одамнинг қилган иши эди. Энди тасаввур қилинг, агар шундай онлайн дарсларни катта ресурсга эга ташкилотлар амалга оширса нима бўлади? Риторик саволга жавоб бериш шарт эмас. “Орзуга айб йўқ”лиги учун баъзан шундай ҳаёлларга берилиб кетаман...


Каминанинг сайт ясаш ва бошқариш бўйича ўн йилга яқин тажрибаси бор. Элликка яқин веб-лойиҳалар устида ишлаган ходимингиз бугун дил изҳори сифатида иш жараёнидаги тажрибалар асосида шаклланган баъзи фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашмоқчи. Чунки бугунги кунда ўзбек тилидаги сайтлар истиқболи ҳақида кўпроқ қайғуришимиз керак, зеро бугунги кун сайтларимиз ҳолати мақтайдиган даражада эмас. Бунинг кўп сабаблари бор ва бу сабабларга олиб келувчи турли хил омиллару муаммолар мавжуд. Мазкур мақолада шуларнинг баъзиларига тўхталиб ўтмоқчиман. Бу мақола билан виртуал жамоатчилик орасида ўзбек тилидаги интернет сайтларининг ҳолати, муаммолари ва ечимлари мавзусида баҳс очмоқчиман. Мавзуга қизиққанлар ўзларининг фикрлари билан ўртоқлашишлари мумкин.

Сайт ясаш бўйича турли хил технологиялар мавжуд. Тайёр шаблонлардан бошлаб, дастурчиларгина тушуниб етадиган ёки баъзан ўзлари ҳам тушунмай қоладиган сайт очиш услублари бор. Текинидан пуллигигача ҳам талайгина. Текин сайт ясаб бериш ёки тайёр текин сайтларни тақдим қилиш учун ҳам сайтлар бисёр. Маълум бир очиқ кодли веб дастурни ривожлантириш учун жамланган махсус виртуал жамоатлар ҳам тиқилиб ётибди, баъзиларининг сони миллиондан ошиб кетади. Бу эса уларга бўлган талаб жуда юқори эканидан далолат қилади.

Сайтдаги маълумотларни (конте́нт) бошқариш тизими (инглизча, Content management system, CMS).

CMS – маълумот ва ахборотларни киритиш, уларни бошқариш, таҳрир қилиш бўйича ахборот тизими ёки компьютер дастуридир. Улар икки хил бўлади: пуллик ва текин. Пуллиги асосан бирон компания, фирма ёки дастурчилар томонидан ўзлари учун ёки қандайдир тижорий лойиҳа сифатида махсус ёзилган дастур сифатида бўлади. Пул талаб қилмайдиганлари эса холис, профессионал бўлган ва бўлмаган дастурчилар томонидан кенг оммага тақдим қилинади. Баъзан мазкур лойиҳалар муаллифлар томонидан қўллаб-қувватланиб ҳам турилади. Бунга ўхшаш лойиҳалар ўз атрофида мингдан ошиқ веб дастурчиларни ва юз минглаган оддий фойдаланувчиларни тўплайди. Бундай веб дастурларнинг муваффақият қозонишига ҳам бундай лойиҳалар кўпчиликка манзур ва мақбул бўлганидан бўлса керак...

Очиқ кодли сайт жуда қулай бўлиб, тез сайт очиш керак бўлса ёки бошқа вазифаларни бажариши ёки қўйилган мақсадларга тез етиш учун ўта қулай воситадир. Интернет оламининг аксар қисми жиддий лойиҳалар ҳамда очиқ кодли сайт конструкторларидан фойдаланишади. Улар дастурчилар томонидан махсус ёзилган веб дастурлардан анча қулай, чунки уларни кўпчилик билади, тушунади. Бир ёки бир неча одам ёзган веб дастурини муаллифларида бошқалар тушуниши қийин, ҳамда сайтларни бошқаришда доим дастурчиларга муҳтожлик, қарамлик юзага келади. Бу эса веб лойиҳа учун камчилик ҳисобланади. Чунки корпоратив сифатидаги сайтлар ўз ички ҳолатидан ёки ўзига хос хусусиятлар билан сайтни доим янгиланиб турилишини талаб қилади. Бундай ҳолат дастурчиларга доимий қарамликни вужудга келтиради. Бу эса ўз навбатида ортиқча маблағ сарфланишига сабаб бўлади. Чунки ҳар қандай сайт вақти-вақти билан ўзгариб, хизмат кўлами ошиб борган сайин сайтга киритилиши лозим бўлган ўзгаришлар ҳам бўлиши табиийдир. Очиқ кодли дастурлар эса жуда кўп ҳолатда қулайдир. Масалан, Жумла, Вордпресс, Друпал ва бошқа дастурлар асосидаги сайтлар сони миллионлардан ошиб кетган. Уларни бошқариш учун қандайдир дастур тилини билиш шарт эмас. Бундай веб дастурларнинг яна бир устунлиги, улар бир-икки дастурчи томонидан эмас, балки минглаб дастурчилар томонидан кун сайин такомиллаштирилиб борилади ва камчиликлар бартараф этиб турилади. Бу сайтларга тайёрланган минглаб модул ва компонентлар мавжуд. Бошқа қулайликлари ҳам талайгина.

Энди холис айтадиган бўлсак, кичик ва ўртача лойиҳалар учун минглаб дастурчилар тарафидан тайёрланган ва очиқ кодли ҳисобланган веб-дастурлар яхшидир. Албатта, улар бир-икки дастурчилар тарафидан тайёрлаган веб-лойиҳалардан кўп карра устундир. Дастурчилар, албатта, ўзиникини маъқуллайди, сўзларини маъқуллаш учун бир-икки важ ҳам айтадилар, чунки бунинг асосида моддий манфаат ётади-да. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам амалиётда кўпчилик очиқ кодли веб дастурларни танлайди. Ҳатто веб дастурчиларнинг ўзлари ҳам сўнгги вақтларда буюртмаларни асосан очиқ кодли веб дастурлар орқали бажариб келмоқда. Бу тўғри қадам, чунки шунда тезлик ва сифат таъминланади. Мижоз учун нимада ясалиши (унчалик) муҳим эмас; асосийси тез ва қулай бўлиши керак. Бироқ, ўта жиддий, масалан, молия ёки бошқа бир тижорий мақсадлардаги, юқори даражада хавфсизлик талаб қиладиган лойиҳалар учун махсус веб дастурлар ишлаб чиқилиши шартдир. (Бу эса бошқа кенг мавзу бўлгани учун бу ҳақида тўхталмаймиз).


Ҳар қандай тур ва услубда ясалган сайт бўлсин, масалан, очиқ кодли веб дастур асосида ёки махсус ёзилган дастур асосидаги сайт бўлсин фарқи йўқ. Сайт талаб қилинган ёки вазифа қилиб белгиланган мақсадларни амалга оширишда сайт хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилиши керак. Масалан, сайт ясашга буюртма берган одам буюртмани бажараётган тарафнинг шу буюртмани қандай бажаради ёки бажара оладими ўйлаб кўриши керак. Масалан, ўзбек адабиётига оид сайтни ким яхши қила олади? Албатта, ўзбек адабиётидан оз бўлсада хабари бор одам. Ёки Сиз бирон бир рус ёки инглиз инсон ўзбек тили ва адабиётига оид сайтни мукаммал қилиб ясаб бера олади, деб ўйлайсизми? Тарихнинг “Т” ҳарфини ҳам билмайдиган, унга қизиқмайдиган одам қандай қилиб тарихга оид сайтни қалб билан қила олсин.

Кўпчилик пул ўтказдик бўлди, сайт тайёр қилиниши керак, деб ўйлайди. Муаммоларимизнинг асли ҳам шу. Пул бердик, буюртма қилдик, шартнома туздик, энди сайт тайёр бўлиши керак, тамом-вассалом... Орқасидан қани сайтимиз, деб ҳам қўйишади. Бу калта ва тор ўйлашдир. Мабодо сайт тайёрлаш керак бўлса ва бу тайёрланажак сайтнинг ўзига яраша хусусиятлари бўлса, сайтга буюртма берувчи тараф бу иш учун мавзуни яхши биладиган мутахассисларни ҳам ажратиб бериши керак. Мана шу кўриниш муваффақият формуласи бўлиши мумкин. Яъни, веб лойиҳани амалга оширишда веб сайтни тайёрловчи (дастурчи) ва мавзу мутахассиси энг яхши комбинация ҳисобланади. Сайтни ишга тушириш ва иш жараёнини режалаштириш унинг архитектурасини тўғри ташкил қилиш билан биргаликда мавзу ва соҳа мутахассисининг мавжудлиги ижобий рол ўйнайди. Буни асло унутмаслик керак.

Сайтга буюртма бераётганларнинг аксари сайт дизайнига кўп урғу беради ва буни сайт роли билан чалкаштириб, катта хатога йўл қўйди. Бу ҳақида мақоламизнинг кейинги қисмларида қисман танишиб ўтасиз.

Ўзбек тилидаги сайтларнинг ривожланмаётгани ёки сайт очилиб ўнг турғунлик ҳолатида қотиб қолиш, бу сайтларни, яъни лойиҳаларни юзаки, “номигагина”, тепадан буйруқ бўлгани учунгина сайт очиб қўйиш, сўралса “мана”, деб кўрсатиш учун бўлаётгани ҳам кўп учрайди. Бундай юзакилик билан ўзларини ўзлари алдаётгани, Ватанимизнинг интернетдаги тараққиёти учун ўзига яраша тўғаноқ бўлаётганини, зарар келтираётгани ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Чунки бу шундоқ ҳам ойдин ва маълум бўлган нарсадир. Бошқалар буни кўрмаяпти, билмаяпти, деб ўйласалар хато қилишади. Чунки тушунадиганлар тушуниб, кўрадиганлар кўриб, биладиганлар эса билиб турибди. Кўрмаётганлар, билмаётганлар ёки ўзини кўрмаганга ва билмаганга солаётганлар ҳам вақт ўтган сари буни билиб боравердилар. Бундай қилиб бўлмайди, чунки бундай муносабатда бўлиш ярамайди, ахир! Шуни тушуниш ва билиш керак! Ўзбек интернетида юқоридан буйруқ бўлгани учунгина қилинган сайтларга қараганда мухлислар тарафидан ишга туширилган ва бошқариб турилган сайтлар устунлиги яққол билиниб туради. Хўш, катта ва кенг административ ресурсларга эга ташкилотлар битта ёки бир нечта одамларнинг беғараз қилган сайтларидан нега устун эмас? Аксинча бўлиши керак эмасми, ахир? Бунинг муаммоси нимада ва бунга нима сабаб бўлиши мумкин? Пуллар ортиғи билан тўланган бўлса, керакли шартномалар ҳам тузилган бўлса, муаммо нимада?..

Менингча, сайтнинг “юрмай” қолиши бўйича, кўзга унчалик тушавермайдиган ёки очиқчасига айтишга андиша қилинадиган бир икки жиддий муаммолар бор:


  1. Қайсидир корхона ёки сайт эгалари сайтни “юритиш” ва уни бошқаришни ўз жойига муносиб бўлмаган (компетент бўлмаган) шахсларни тайин қилиб қўйишади. Масалан, қариндошининг ўғли, жияни, таниши ва ҳоказо. Албатта, бу яхши ниятда амалга оширилган бўлади. Ишонганини иш бошига қўйиш, албатта, яхши, агар эплаб кета олса, лекин аксар ҳолатда буларнинг аксини кузатамиз. Қўлидан иш келадиган ва шу иш учун ёниб турган шахслар эса четда қолиб кетаверади. Бу ўз навбатида уларнинг иш устида янада ривожланиши ва тараққий қилишини чеклайди. Бундай ёндашиш асносида аста-секин иш тўхтаб, бошқалар ривожланиб бораверади. Бу ишда “ўзбекчилик” кетмайди. Демоқчи бўлганимиз, ишга муҳаббат қўйган ва уни ҳеч ким мажбурламаган бўлсагина иш муваффақиятли бўлиши мумкин. Акс ҳолда иш гўёки юраётгандек бўлиб туюлсада, аслида қотиб турган бўлади. Бу эса вақт ўтгач билинади...
  2. Сайтни бошқариш қийин иш эмас. Фақат бунинг иккита шарти бор, холос. Шу икки шарт жам бўлса, муваффақият хуржунини елкага олиб йўлга тушган бўлади.

а) Сайтни бошқараётган ёки сайтга маъсул одам шу соҳага муҳаббат қўйган бўлиши керак. (Муҳаббат уйғониши учун яхши пул тўланса ҳам бўлаверса керак.)

б) Сайтни бошқариш ёки сайтга маъсул бўлган одам оз бўлсада интернет нима, сайт нима ва у қандай бошқарилишини билиши шарт. (Сайт мавзуси ҳақида ҳам тушунча бўлиши керак)

Бизларда эса кўпинча шу шартларнинг бири топилади-ку, иккинчиси топилмайди, иккинчиси топилганида эса биринчиси топилмайди. Муваффақиятсизликнинг сабабларидан бири шу бўлса керак.

  1. Буюртмачи кўпинча ўзига тегишли бўлмаган ёки ўзи тушунмаган нарсаларга аралашиб дастурчини ҳафсаласини пир қилиб қўяди. Аслида эса иш устасига ишониб топширилган нарсаларга кўп аралашмаслик керак. Айниқса дастурчи ишга ўзининг ижодкорлик маҳорати билан ёндашаётган бўлса. Тўғри, қандайдир назорат, маслаҳат, таклиф ва танқидлар бўлиши керак. Бироқ булар ўз жойида ва ўз доирасида бўлса мақсадга мувофиқдир. Масалан, дизайн масаласини биринчи масала, деб ўйлаш ҳам муаммоларга сабаб бўлади. Гўзаллик ҳақида ҳар кимнинг ўз тасаввури бор. Бу ерда ҳеч ким сайт фойдаланувчисини ўйлаб ўтиргани йўқ. Кимгадир қизил, кимгадир сариқ, кимгадир эса яшил ранг ёқади. Дастурчи шу ёки бошқа хусусиятларни инобатга олиб, сайт тайёрлаб берса-ю, буюртмачи “бош саҳифага 5 мб расм жойлайсан”, деб туриб олса, дастурчи дардини кимга айтади?
  2. Сайтга маълумот киритишдаги (янгилашдаги) тезкорлик. Йигирма биринчи аср тезкорлиги ва жадаллиги билан олдинги асрлардан фарқ қилади. Бугун эрталаб қандайдир маълумот тарқатилган бўлса, пешингача эскириб қоляпти. Шундай асрда яшар эканмиз, сайт ҳам шунга мос бўлиши керак, яъни сайтга қўйилаётган ва янгиланаётган маълумотлар ҳам тез бўлиши керак. Қандайдир мақола ёки маълумотни тайёрлаб сайтга қўяман, деб бемалол ҳаракат қиласиз, кейин қарасангиз Сиз тайёрлаётган мақола бошқа сайтда турган бўлади.
    Мен айтаманки, сайтга бир кунда энг камида битта маълумот (хабар, мақола ва ҳоказо) бўлса ҳам қўйиш керак. Сайтнинг муваффақият қозонишида бу энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Баъзи сайтлар борки, улардаги маълумотлар икки-уч йил олдин қўйилган бўлади. Кўп сайтлар маълумот киритишда анча сусткашлик қилишади. Ахир, бугун сайтингизга кириб маълумот олган одам эртаси ҳам сайтингизга кириб, кечаги маълумотни кўрса, икки-уч кундан кейин ҳам, ҳатто бир ҳафтадан кейин ҳам сайтингизда эски маълумотларни кўраверса, у одам сайтингизга тез-тез кириб турувчига айланадими? Ишга бундай тарзда ёндашиш тўғри эмас-ку, ахир. Инсоф борми ўзи, деб юборгим келади. (Тўғри, баъзи сайтларнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича бир-икки маълумот берилса бас. Масалан, бирон фирманинг манзили ва маҳсулотлари ҳақидаги маълумот. Бироқ, аксар сайтлар бундай сайтлар турига кирмайди. Фикрларим айнан шу турга кирмайдиган сайтлар хусусида.

5.  Лойиҳани дастурчи ёки бу ишни амалга оширмоқчи бўлган шахс билан бирга тайёрлаш зарурлиги. Фикр алмашиш, таклифлар киритиш ва ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилишга имкон бериш, фикр эркинлигини таъминлаш ва ҳоказолар. Ижод ишида фикр эркинлиги таъмин қилинмас экан, ишда ривожланиш бўлмайди ёки бир ёқламалик бўлиб қолади. Масалан, буюртмачи хато фикр ташлаётган ёки нотўғри таклиф киритаётган бўлса, буни унга айта олиш имкони бўлиш керак, буюртмачи хато фикр айтаётган бўлса ёки хато нарсани қилдираётган бўлса, ундан қўрқиб, хафа қилиб қўймаслик ёки “менга нима?” қабилида ишга ёндашилса, албатта, бундан ҳеч қандай фойда бўлмайди, аксинча зарар бўлиши мумкин.

Ўзбек тилидаги сайтлар кўп бўлиши барчамизнинг орзу мақсадимиз. Ўз тилимизда керакли вебресурслар бўлмас экан, ёшлар (катталар ҳам) маълумотларни ўзгалар ресурсидан излаб ва қидириб топади. Бундан эса ғаразгўйлар ўзларининг ғараз мақсадлари йўлида унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу давлатимиз учун, миллатимиз учун катта аҳамиятга молик бўлган ишдир. Виртул оламда (ижтимоий тармоқлар, форумларда) кенг виртуал жамоатчилик иштирокида баҳс-мунозара майдонларини шакллантира олишимиз керак. Она тилимизда веб дастурлаш, сайтларни бошқаришни ўргатадиган махсус сайтларни кўпайтиришимиз керак. Кўпчиликни айниқса ёшларимизни бу ишга жалб қила олишимиз керак.


Абу МУСЛИМ

Share